1Алиф, Лом, Ро. (Ушбу Китоб) ҳикмат Соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор Зот — Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилиб (нозил қилинган) бир Китобдир.
2Сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун (нозил қилинган бир Китобдир). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, айтинг): Албатта, мен эса сизларга У зот тарафидан (юборилган, кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчидирман.
3(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, шунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато — фойдаланиш билан фойдалантирур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни, ажр — мукофот) берур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Улуғ Кун (яъни, Қиёмат Куни) азоби етишидан қўрқаман.
5Огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар) Ундан сир тутиш учун дилларидаги (адоватлари)ни яширадилар. Огоҳ бўлсинларким, улар кийимларига ўраниб олган чоғларида ҳам (Аллоҳ) уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур. Дарҳақиқат, У зот дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.
7У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш — амал қилиб яшашингизни синаш учун олти кунда осмонлар ва Ерни яратган Зотдир. Илгари У зотнинг арши сув устида (яъни, у арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган эди). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас, дейдилар.
8Қасамки, агар уларни азоблашни маълум муддатгача кечиктирсак, албатта улар: «Уни (азобни) нима тўсмоқда?», деб истеҳзо қиладилар. Огоҳ бўлсинларким, у (азоб) келар кунида улардан қайтиб кетувчи бўлмас ва кулиб-истеҳзо қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олур.
10Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етганидан кейин Биз ноз-неъматларни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди», (энди ҳеч қачон қайтиб келмайди) дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир.
14Бас, агар улар (яъни, Аллоҳни қўйиб, сиғинадиган бутларингиз) сизларга жавоб қилмасалар, у ҳолда, билингизки, албатта (бу Қурьон) Аллоҳнинг илми азалийси билан нозил қилингандир ва Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?! (Яъни, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйинсунарсизлар?!)
15Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар.
16Ундай кимсалар учун Охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир.
17Ана энди Парвардигори томонидан аниқ ҳужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган киши (фақат ҳаёти дунё манфаатларини кўзловчи кимсалар билан баробарми?!) Ҳолбуки, Аллоҳ томонидан бўлган шоҳид (яъни, Жаброил фаришта) унинг (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг) ҳамроҳидир ва ундан (яъни, аниқ ҳужжат бўлган Қуръондан) илгари (Бани Исроил учун келган) пешво ва (Аллоҳнинг) марҳамати бўлган Мусонинг Китоби (Таврот) бордир. Ана ўша зотлар (яъни, аниқ ҳужжат эгалари) унга (Қуръонга) иймон келтирурлар. Барча гуруҳлар орасидан ким у Қуръонга кофир бўлса, унга ваъда қилинган жой — дўзахдир. Бас (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз у ҳақда шак-шубҳага тушманг! Албатта, у Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар.
20Ундай кимсалар Ер юзида (ҳеч қаерга) қочиб қутулолмас ва улар учун Аллоҳдан ўзга дўстлар-ёрдамчилар ҳам бўлмас. Уларга азоб бир неча баробар қилинур. (Гарчи уларга Ҳақни эшитиб, кўришлари учун қулоқ, кўз берилган бўлса-да), эшитгувчи ҳам, кўргувчи ҳам бўлмадилар.
23Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Парвардигорларига итоат қилиб бўйинсунган зотлар — ана ўшалар, жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар.
24Бу икки гуруҳнинг (яъни, кофирлар билан мўминлар гуруҳининг) мисоли, худди кўру кар билан кўргувчи ва эшитгувчининг мисолидир. Шу иккаласи бир-бирига баробар бўлурми?! Ибрат олмайсизларми?!
27Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз», дедилар.
28У деди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот менга Ўз даргоҳидан раҳмат — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, аммо бу сизларга махфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (иймон келтиришга) мажбур қиламизми?!» (Йўқ, ундай қилмаймиз, чунки фақат ўз ихтиёрларингиз билан келтирган иймонларингизгина мақбулдир).
29«Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорга рўбарў бўлгувчидирлар (бас, агар камбағал бўлганлари учун уларни ҳузуримдан ҳайдасам, албатта, Қиёмат Кунида Парвардигорга устимдан шикоят қилурлар). Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман».
31«Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Ғайбни (кўздан пинҳон нарса ва ҳодисаларни) ҳам билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман. Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Аллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди», деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани (ихлос-иймонни) Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда (яъни, агар улар тўғрисида юқоридаги сўзларни айтадиган бўлсам), мен албатта золимлардан бўлиб қолурман».
34«Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишга уринганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз Унинг Ўзидир ва фақат Унинг Ўзига қайтарилурсизлар».
35Ёки улар (яъни, Қурайш кофирлари): «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи тўқиб чиқарган», дейдиларми? (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар уни мен тўқиб чиқарган бўлсам, гуноҳим ўз бўйнимда. Аммо мен сизларнинг қилаётган жиноятингиз — кофирлигингиздан покман».
37Бизнинг ҳифзи-ҳимоямизда ва Бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин ҳамда золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар».
38У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз».
40То Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни терс қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар.
42Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!»
47У (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар мени мағфират қилиб, Ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман».
48(Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, Бизнинг тинч, саломат сақлашимиз билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган кишиларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин. (Яъни, сен ва сенга иймон келтирган кишиларга Биз томондан тинчлик-омонлик ва файзу баракотлар етар.) Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам келурки, Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар».
51«Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган Зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!»
54«Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг (сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман.
56«Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигоримиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз, Тўғри Йўлдадир».
58Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик.
60Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта Од қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради.
61Самуд қабиласига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди. Бас, Ундан мағфират сўранглар ва Унга тавба-тазарру қилинглар. Албатта, Парвардигорим яқин ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир».
63У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва менга Ўзининг раҳмати — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, (шундан кейин) мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан (яъни, унинг азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар!»
64«Эй қавмим, мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар, акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар».
66Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, биз юборган бало) келганида, Солиҳ ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта, Парвардигорингиз ҳақиқий куч-қудрат Эгасидир.
71(Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лут қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди — хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хабар бердик.
74Энди қачонки Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, Биз (яъни, фаришталаримиз) билан Лут қавми (уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида баҳслаша бошлади.
٧٥إِنَّ إِبْرَاهِيمَ لَحَلِيمٌ أَوَّاهٌ مُنِيبٌ
75Зотан, Иброҳим ҳалим, кўнгилчан ва ибодатли кишидир.
82Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик.
88У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керак-ми?!) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалол-ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман».
91Улар дедилар: «Эй Шуъайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаётирмиз ва орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен бизлар учун азиз — мўътабар киши эмассан».
93«Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман».
94Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Шуъайбга ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тушиб, ўз диёрларида тўкилиб қолдилир.
97(Мусони) Фиръавн ва унинг одамларига (пайғамбар қилиб) юборганимизда, улар Фиръавннинг амрига бўйинсундилар. Ҳолбуки, Фиръавннинг амри тўғри эмасдир.
100(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мана шу Биз сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан (ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, ўрилиб битганлари (ҳалок бўлиб йўқолиб кетганлари) ҳам бордир.
105У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам.
107Улар унда осмонлар ва Ер тургунча қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилгувчи Зотдир!
108Бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир.
109Бас, сиз, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ана улар (яъни, мушриклар) ибодат қилаётган нарсадан шак-шубҳада бўлманг (яъни, уларнинг ноҳақ йўлда эканликлари аниқдир). Улар ҳам худди ота-боболари каби ибодат қилмоқдалар (бутга сиғинмоқдалар), холос (уларни ҳам ота-боболарини ҳалок қилганимиз каби ҳалок қилурмиз). Албатта, Биз уларнинг насибаларини (яъни, жазоларин) тўла қилиб берурмиз.
110Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб (яъни, Таврот) берганимизда, у ҳақда ихтилоф қилинган эди (яъни, айрим кишилар унга иймон келтирган бўлсалар, айримлар уни инкор қилдилар). Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб Қиёмат Кунида бўлади, деган) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида (шу дунёдаёқ ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги ҳақида) ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улар (яъни, Макка мушриклари) у ҳақда (яъни, Қуръон хусусида) шак-шубҳа остидадирлар.
111Қасамки, албатта барча халойиққа қилган амалларининг жазосини Парвардигорингиз комил қилиб берур. Албатта, У зот уларнинг қилаётган амалларидан хабардор — огоҳдир.
112Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир.
114Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур. Бу қулоқ тутгувчилар учун эслатмадир.
116Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам Ерда бузғунчиликдан қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эдилар). Золим кимсалар эса ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар.
118Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай қилишни истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар.
119Магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурмен», деган Сўзи тўла ҳақ бўлди.
120(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда сизга ҳақиқат ва панд-насиҳат ҳамда барча мўминлар учун эслатмалар келди.
123Осмонлар ва Ер фақат Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан ғофил — бехабар эмасдир.