3У Ерни ёйиқ қилиб яратиб, унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир. У Ердаги ҳар мевани иккитадан — жуфт-жуфт (яъни, эркак-урғочи) қилиб яратди. У кечани кундуз устига ёяр (яъни, кеча-кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир). Албатта, бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
4Бу Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
5(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратиламизми?», деган гаплари ажабланарлидир. Улар Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар.
7Кофир бўлган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дейдилар. Сиз фақат (кофирларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун (Аллоҳ йўлига) етакловчи — ҳидоят қилгувчи бордир.
10Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (У зот учун) баробардир.
11Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир.
12(Эй одамлар, Аллоҳ) сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизадиган ва вазмин булутларни пайдо қиладиган Зотдир.
13Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни — у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи Зотдир.
16(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг (қавмингиздан сўранг: «Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки, улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?», деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир».
17(Аллоҳ) осмондан, сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. Энди у кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.
18Парвардигорларига итоат этган зотлар учун гўзал мукофот — жаннат бордир. У зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар Ердаги бор молу-давлат (яна) икки баробар (кўпайиб) уларнинг ўзлариники бўлса, албатта уни (Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!
22Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар — ана ўшалар учун Охират диёри бордир.
23(У диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар):
25Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр — жаҳаннам бордир.
26Аллоҳ, Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур (ва Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир.
28Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур.
30(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) шундай қилиб, Биз сизни (кўпдан-кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга — улар Меҳрибон (Аллоҳ)ни инкор қилиб турган ҳолларида — Биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Айтинг: «У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг Ўзига таваккул қилдим — суяндим ва Унинг Ўзига тавба-тазарру қилурман».
31Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса, ё унинг ёрдами билан Ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса, ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Аллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар У зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар). Иймон келтирган кишилар агар Аллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу Аллоҳ учун ҳеч нарса эмаслигини) билмадиларми? (Лекин Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У зот ҳидоят йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилур). Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
32(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларини ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз).
35Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво-парҳез билан ўтган зотларнинг оқибат-келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир.
36(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар Сизга нозил қилинган нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. (Яҳудий ва насронийлардан сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) бир қисмини инкор қиладиган кимсалар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: «Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен факат Ўша зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва ёлғиз Унинг Ўзига қайтурман».
37Шунингдек, (яъни, илгари ўтган пайғамбарларимизга ўз тилларида ваҳий юборганимиз каби) Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасамки, агар сиз ўзингизга келган бу билимдан сўнг уларнинг ҳою ҳавасларига эргашсангиз, сиз учун Аллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи ҳам бўлмас.
38Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз. Бирон пайғамбар учун бирон оят-мўъжиза келтириш имкони бўлмаган, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб-ҳукм бордир.
41(Макка мушриклари) Биз уларнинг ерларига келиб уни атрофидан камайтираётганимизни (яъни, мусулмонлар қадам-бақадам фатҳ қилиб келаётганларини) кўрмадиларми? Аллоҳ ҳукм қилур — Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.
43(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сизга) кофир бўлган кимсалар: «Пайғамбар эмассан», дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб — Қуръон илмидан хабардор бўлган (яъни, Аллоҳнинг каломини бандаларнинг сўзларидан ажрата оладиган) ҳар бир киши етарли гувоҳдир.