1(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир.
2Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китобни) Бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!»
4Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта, (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.
5Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида) жазолаш учун (куч-қувват эгалари бўлган) бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ҳовли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.
6Сўнгра (тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб сон-саноқларингизни кўпайтирдик.
8(Агар тавба-тазарру қилсангизлар), шояд Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз.
12Биз кеча ва кундузни (ўзимизнинг қудрати илоҳиямизни кўрсатиб турадиган) икки белги — аломат қилиб қўйдик. (Ҳеч нарса) кўринмас қоронғиликни кечанинг аломати қилдик. Кундуз аломатини эса, Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Ва биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).
13Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат Куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз.
15Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз.
18Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) унинг учун ўзи мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз.
21(Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, Охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир.
23Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!
25(Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар. Албатта, Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этувчи бўлган Зотдир.
26(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!
29(Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз.
30Шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
31(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчилиқдан қўрқиб ўлдирмангизлар — уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир.
35(Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим — ҳукмдир.
36(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат Кунида жавоб беради).
39(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу оятлар Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан айримларидир. Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг.
41Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирур.
42(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар».
44Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган Зотдир.
45(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб (тортиб) қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар).
51Ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?», дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?», деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!
52У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар.
55Парвардигорингиз осмонлар ва Ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик.
56(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар.
57Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир.
58(Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) Биз Қиёмат Куни (келиши)дан илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм Китобда тақдири азалда битилгандир.
60Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур.
70Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.
71Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (Қиёмат) кунини эслангиз! Бас, кимгаки ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур).
73(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар.
75У ҳолда, албатта, Биз сизга дунё (азобини) ҳам, Охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз.
76Улар сизни бу tрдан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар).
80Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат Куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин».
84Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз Тўғри Йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур»).
85(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир.
88Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар».
93Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!»
94Одамларга ҳидоят келган пайтида, фақат: «Аллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!», деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди.
97Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгучидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат Кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз.
99Ахир улар (кофирлар) осмонлар ва Ерни яратган зот – Аллоҳ – уларнинг (яъни, инсонларнинг) мислини ҳам яратишга қодир эканини билмадиларми?! (Аллоҳ) улар учун (яъни, ўлишлари ва қайта тирилишлари учун) аниқ бир муддатни белгилаб қўйгандир. Лекин золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлурлар.
100(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у мушрикларга) айтинг: «Агар сизлар Парвардигоримнинг раҳмат-ризқ хазиналарига эга бўлсангизлар, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан (тугатиб қўйишдан) қўрқиб, мумсиклик-бахиллик қилган бўлур эдингизлар». (Чунки) инсон зоти хасис бўлур.
102(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман».
103Шунда, (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини) қувиб чиқармоқчи бўлганида, Биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилдик.
105Биз (Қуръонни) ҳаққи-рост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
110(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон — Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар). Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!