3(Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойда беришга эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар»ни ушладилар (яъни, ўшаларга сиғиндилар).
4Кофир бўлган кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (аҳли китоблар) ёрдам қилган», деб куфр келтирдилар ва бўҳтон қилдилар.
6(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Уни осмонлар ва Ердаги барча сир-асрорни биладиган Зот нозил қилгандир. Албатта У мағфиратли меҳрибон бўлган Зотдир».
7Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди.
8Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай, ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган — ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар.
9(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қаранг, улар сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (ҳақ) йўлдан оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар.
11Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар Қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз.
14(Шунда уларга): «Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўлурсиз», дейилур).
15(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!» У (яъни, жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат — борар жой бўлди.
17(Аллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни) ҳам, улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларини ҳам тўплаб (у бутларга): «Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнинг ўзлари йўлдан оздиларми?», дейдиган Кунда;
18Улар дерлар: «Эй пок Парвардигор, бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир (бас, қандай қилиб ўзгаларни бизга бандалик қилиб сиғинишга мажбурлаб йўлдан оздирайлик)?! Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (узоқ умр ва мўл-кўл ризқу рўз билан шундай) фойдалантирдингки, ҳатто улар (Сенинг Ўзингни) эслашни ҳам унутдилар ва ҳалок бўлгувчи қавм бўлиб қолдилар».
19(Эй мушриклар) мана, улар («худо»лар деб сиғинган бутлар) сизларни айтаётган сўзларингизда аниқ ёлғончи қилдилар. Энди (азобдан) қутулишга ҳам, (ўзларингга) бирон ёрдам қилишга ҳам қодир эмассизлар. Сизлардан ким золим — мушрик бўлса, Биз унга катта азобни тотдирурмиз.
20(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган барча пайғамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик (яъни, сизнинг оддий одамлар каби фақирона кун кечиришингиз бошқалар учун бир синовдир. Чунки агар Биз сизни бой-бадавлат қилиб қўйганимизда, улар сизга мол-дунёнгиз учун итоат қилган бўлур эдилар). Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
21Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бизларга (пайғамбарлик учун одам эмас, балки) фаришталар туширилса эди ёки бизлар Парвардигоримизни (ўз кўзимиз билан) кўрсак (ва У бизларга Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканлигини билдирса) эди», дедилар. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар.
26Ўша кунда ҳақ-собит подшоҳлик (ёлғиз) Раҳмон учун бўлур. (Чунки бошқа барча муваққат подшоҳликлар йўқ бўлиб битур! У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур.
31Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли етакчи ва ёрдамчидир.
32Кофир бўлган кимсалар: «(Нега) бу Қуръон унга (Муҳаммадга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз у — Қуръон билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик.
36Ва (у иккисига) дедик: «Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавм (Фиръавн ва унинг қавми) олдига боринглар!» Бас, (икковлари бориб, Аллоҳнинг динига даъват қилган вақтларида, улар ўз куфрларидан қайтишмагач), Биз уларни (денгизга ғарқ қилиш билан) қириб ташладик.
37Нуҳ қавмини (эсланг)! Қачонки, улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, Биз уларни ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун оят-ибрат қилиб қўйдик. Яна Биз золим-кофир кимсалар учун (Охиратда ҳам) аламли азоб тайёрлаб қўйгандирмиз.
40Аниқки, улар (яъни, Макка мушриклари ўзларининг сафар-саёҳатларида) энг ёмон ёмғир (яъни, тош) ёғдирилган шаҳардан ўтгандирлар. (Ахир улар уни кўриб ибрат олмадиларми)?! Йўқ, улар қайта тирилишдан умидсиз бўлган кимсалардир.
43Хабар беринг-чи, ким ҳавои нафсларини илоҳ килиб олган бўлса, сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! (Йўқ, сизнинг вазифангиз ҳавои нафсига қуллик қиладиган кимсаларни бу қилмишларидан сақлаш — қўриқлаш эмас, балки фақат Биз сизга юборган ваҳийни бандаларимизга етказмоқдир).
44Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!
45Парвардигорингизнинг (қудратини) — сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа уни сокин — жилмас қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра қуёшни унга (яъни, соянинг борлигига) далил қилдик.
51Агар Биз хоҳласак, ҳар қишлоқ-шаҳарга бир (Охират азобидан) қўрқитгувчи — пайғамбар юборган бўлур эдик. (Лекин Биз барча қишлоқ-шаҳардан Охират азобидан огоҳ қилиш бурчини сизнинг зиммангизга юкладик).
53(Аллоҳ) икки денгиз — дарёни буниси чучук — ширин, униси шўр — аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир.
56(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга жаннат) хушхабарини етказгувчи, (кофирларни эса Охират азобидан) қўрқитгувчи қилиб юбордик.
57Айтинг: «Мен сизлардан бунинг учун ҳеч қандай ҳақ сўрамайман, фақат Парвардигор томонга йўл тутишни хоҳлаган кишилар (ўша йўлни тутишларини сўрайман»).
59У осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра (Зоти ва Улуғлигига лойиқ суратда) Аршга юксалган Зотдир. У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида огоҳ — билимдон (Зот — Аллоҳ ва Расули)дан сўранг!
60Қачон (мушрикларга): «Раҳмонга сажда қилинглар», дейилса, улар: «Нима у Раҳмон? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?», дейишар ва (бу сўз) уларни янада йироқлаштирар.
63Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир.
68Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.
70Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
75Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.