4Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, (шунингдек) сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни «она» дейишларингиз, асрандиларингизни «бола» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи (ҳақ) йўлга ҳидоят қилур.
5Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у ҳолда уларни биродарим Фалончи, ёки дўстим Фалончи, деб чақиринглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар). Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
10Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар.
12Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни, эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар.
13Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни, Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)», деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар.
20Улар (яъни, мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли кофир фирқалар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у фирқаларни кетмаган, деб ўйлайдилар ва агар у фирқалар (яна қайтиб) қолсалар (мунофиқлар шаҳарда — сизларнинг ичингизда эмас, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар.
21(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир.
22Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос.
24Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳласа (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш, ёки тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
26У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат бўлган кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар.
28Эй пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли кузатиш билан кузатай.
29Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва Охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб қўйгандир».
31Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.
32Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши — тўғри сўзни сўзланглар!
36Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.
38Аллоҳ пайғамбарга фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир (яъни, улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди.
40Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.
43У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган Зотдир.
48Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил-ҳомийдир.
50Эй пайғамбар, албатта Биз сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўмина аёлни — агар у ўзини пайғамбарга ҳадя этсаю, пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
52(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни жамоллари сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни, аёлларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам сиз учун ҳалол бўлмас). Магар сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
53Эй мўминлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг пишишига кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.
57Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
59Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
60Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, фақат озгина тура олурлар, холос.
63Одамлар сиздан (Қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир.
69Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир).
72Албатта Биз бу омонатни (яъни, шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди).
73Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруларини қабул килиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган Зотдир.