1(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!
6(Ўшанда) улар гўё кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, Сиз билан аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни, урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар.
7Ўшанда (эй мўминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни, карвон ва қўшиндан) бирини сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда берган эди. Сизлар қурол-яроғсиз тоифа (яъни, карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз сўзлари билан ҳақиқатни муқаррар этишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди.
10Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун шундай қилди. Ғалаба фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.
11Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув — ёмғир ёғдирган эди.
12(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди.
13Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.
16Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!
17Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди ва (бу ғалабани Аллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
19(Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана, сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди, Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бас, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.
23Агар Аллоҳ уларда бирон яхшиликни билганида эди, албатта уларнинг қулоқларини очиб қўйган бўлур эди ва агар (Аллоҳ уларнинг) қулоқларини очиб қўйганида ҳам улар юз ўгирган ҳолларида кетган бўлур эдилар.
24Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.
26Ва сизлар Ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!
27Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!
30(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг зўридир.
32Уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!
33Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар (мўминлар) мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!
34(Лекин агар) улар (иймонга келмасдан кишиларни) Масжидул-Ҳаромдан тўсар эканлар, Аллоҳ уларни нега азобламасин?! (Яъни, Сиз ва мўминлар Маккадан чиқиб кетганингиздан сўнг уларни албатта азобга гирифтор қилур). Улар унинг (Масжидул-Ҳаромнинг) эгалари эмаслар. Унинг эгалари фақат Аллоҳдан қўрқувчи зотлардир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.
38(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна (кофирликка) қайтсалар, у ҳолда аввалгиларининг суннатлари (яъни, кўргуликлари) ўтган-ку, (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар).
39То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан) тўхтасалар, бас, албатта Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.
41Агар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида — икки жамоа тўқнашган кунда, бандамиз (Муҳаммадга) нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтиргувчи бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
43(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга тушингизда Аллоҳ уларни оз кўрсатганини эсланг! Агар сизга уларни кўп кўрсатганда эди, албатта сизлар сустлашиб қолган ва бу иш (яъни, кофирларга қарши жангга чиқиш) хусусида тортишиб қолган бўлур эдингизлар. Лекин Аллоҳ сизларни бундан сақлади. Албатта, У дилларни эгаллаб олган сирларни билгувчидир.
44(Эй мўминлар), Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун тўқнашган пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг кўзларига эса сизларни оз қилиб қўйганини эслангиз! Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.
46Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
49Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Уларни (яъни, мусулмонларни) динлари мағрур қилиб юборди (яъни, озгина одам билан шундай катта қўшинга қарши жанг қилмоқчи бўляптилар»), дейишар эди. (Мунофиқларнинг бу сўзлари нотўғридир) ким Аллоҳга суянса, бас, албатта Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.
53Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб — Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи эканлигидир.
59Кофир бўлган кимсалар устун келдик, деб ҳисобламасинлар, улар (Бизни) ожиз қила олмайдилар. (Албатта, улар Аллоҳдан қилмишларига яраша жазо олурлар).
60(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур.
63У уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир.
65Эй пайғамбар, мўминларни жангга чорланг! Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (душманни) енгар! Агар сизлардан юз киши бўлса, кофирлардан мингини енгар! Бунга сабаб, уларнинг онгсиз қавм эканлигидир.
66Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (кофирни) енгар. Агар сизлардан минг киши бўлса, Аллоҳнинг изни билан икки минг (кофир)ни енгар. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
67Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса Охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.
73Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни, мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур.
74Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир.
75(Сизлардан) кейин иймон келтириб ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга курашган зотлар — ана ўшалар сизлардандир. Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.