1Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи қўйиладиган Аллоҳдан ҳамда қариндош-уруғларингиз(дан алоқани узишдан) қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган Зотдир.
2(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва (етимларнинг сизлар учун) нопок бўлган молларини (ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир.
4Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни, чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар.
5(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни, ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни, қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг!
6Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир.
7Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир.
11Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ қиз бўлса, уларга улар (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар фарзанд бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир тегур, (қолган қисми отасига тегади, зеро, марҳумнинг ака-укаларини едириб-кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар) марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
12Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) марҳума қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилингандан кейин бўлур. Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на онаси бўлмай, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар) меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо қилингандан кейин бўлур. (Бу ҳукмлар) Аллоҳ томонидан бўлган амр-фармондир. Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир.
13Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Ва бу буюк саодатдир.
14Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир.
15Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг. Агар улар гувоҳлик берсалар, то бу аёлларга ўлим келгунча ёки Аллоҳ бирор йўлга солгунча, уларни уйларида сақлангиз!
16Сизлардан икки эркак шундай қилса (яъни, баччавозлик ёки фоҳишабозлик қилса), уларни (уриб-сўкиш билан) таъзирларини берингиз. Агар тавба қилиб, ўзларини тузатсалар, уларни тинч қўйинглар. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва меҳрибон бўлган Зотдир.
17Албатта, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
18На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим», дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз.
19Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир. Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса), берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин). Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин.
21Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз) сизлардан қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни, маҳрни) қайтариб оласиз?!
24Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёрлари билан ҳаққи-маҳрларидан кечиб юборишларида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
29Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни, ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган Зотдир.
33Ҳар бир инсон учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган меросдан (баҳраманд бўлгувчи) меросхўрлар қилиб қўйдик. Кимлар билан аҳд-паймон қилган бўлсангиз, бас, уларга ўз ҳиссаларини берингиз! Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳ бўлган Зотдир.
34Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган Зотдир.
35Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор бўлган Зотдир.
36Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди.
37Улар ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган кимсалардир. Биз бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.
38Яна молларини одамлар кўрсин, деб эҳсон қиладиган, ўзлари эса на Аллоҳга ва на Охират Кунига иймон келтирмайдиган кимсаларни ҳам (Аллоҳ севмайди). Кимга шайтон дўст бўлса, у энг ёмон дўст булур.
39Агар Аллоҳ ва Охират Кунига иймон келтирсалар ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларидан эҳсон қилсалар, уларга қандай зарар бўлар эди? Аллоҳ уларнинг (қилган амалларини) билгувчи бўлган Зотдир.
41(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!
42У Кунда кофир бўлган ва пайғамбарга итоатсизлик қилган кимсалар Ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва (лекин) Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар.
43Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар. Ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманг). Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва мағфиратли бўлган Зотдир.
46Яҳудий бўлганлар орасида шундайлари борки, улар (Таврот китобида бўлган Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳақидаги) Аллоҳнинг сўзини ўз ўрнидан ўзгартирадилар ва тилларини буриб, динга жароҳат етказиш ғаразида: «Тингладик ва бош тортдик. Қулоқ сол, эшитмай қолгур! (Роино) Бизга боқ», дейдилар. Агар улар «Тингладик ва буйинсундик. Бизни ҳам тинглаб, (унзурно) бизга ҳам назар қилиб тур», деганларида ўзлари учун яхшироқ ва туғрироқ бўлур эди. Лекин улар куфрлари сабабли Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлганлар. Бас, уларнинг камдан-камлари иймон келтирадилар.
48Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди.
49(Эй Мҳаммад), ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингизми? Йўқ! Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклагувсидир. Ва уларга қилчалик зулм қилинмас.
51Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: «Ўшалар иймон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра туғрироқ йўлдалар», деяётганларини кўрмадингизми?
54Ёки одамларга (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага (яъни, пайғамбарликка) ҳасад қиляптиларми? Ахир Биз илгари ҳам Иброҳим сулоласига (яъни, Мусо, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб ва ҳикмат (пайғамбарлик) бериб, уларни улуғ мулку давлатга эга қилган эдик-ку?!
56Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз. Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
57Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни эса улар абадий яшайдиган, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилажакмиз. Улар учун у жойларда пок жуфтлар бордир. Уларни қуюқ сояли жойларга киритурмиз.
58Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган Зотдир.
59Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни, мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва Охират Кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.
64Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз. Агар улар (шайтондан ҳукм сўраб боришлари билан) жонларига жабр қилган пайтларида дарҳол сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибон эканлигини топган бўлур эдилар.
65Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар.
66Агар Биз уларга (Бани Исроилга буюрганимиз каби) «бир-бирингизни ўлдиринг ва ўз диёрларингиздан чиқинг», деб буюрганимизда эди, улардан жуда оз қисми бу буйруқни бажарган бўлур эди. Агар улар қилинган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва (иймонларини) мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлур эди.
69Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳақ-рост иймон эгалари), шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир.
72Шубҳасиз ораларингизда (жангга чиқишдан) кетда қоладиган, агар сизларга бирон мусибат етса, «Аллоҳ ёрлақаб улар билан бирга бўлмадим, (акс ҳолда ҳалок бўлур эдим)», дейдиган кимсалар ҳам бор.
73Бордию сизларга Аллоҳдан фазлу марҳамат етса (яъни, ғалабага эришсангиз), у гўё (илгари) сизлар билан ўзининг орасида ҳеч қандай танишлик бўлмагандек «кошкийди, мен ҳам ўшалар билан бирга бўлиб, улуғ зафар (ва ўлжалар)га эришсам эди», дейиши аниқдир.
74Аллоҳ йўлида бу ҳаёти дунё эвазига Охиратни сотиб оладиган зотлар жанг қилсинлар. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса ёки ғалаба қилса, унга улуғ мукофот ато этажакмиз.
75(Эй мўминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва «Парвардигоро, бизни эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин, бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бўлган бечоралар(ни озод қилиш) йўлида жанг қилмаяпсизлар?!
79(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизни Биз одамларга пайғамбар қилиб юбордик. Бунга Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир.
82Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!
83Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни, ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни, мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, (яъни, Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устивор қилмаса эди) айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.
85Ким (одамлар орасида) чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган Зотдир.
88(Эй мўминлар), нега сизлар мунофиқлар тўғрисида икки гуруҳга бўлиниб олдингиз? Ахир, Аллоҳ уларни ўз қилмишлари сабабли (куфр ва нифоққа) қайтарди-ку?! Ёки сизлар Аллоҳ адаштирган кимсаларни Тўғри Йўлга солмоқчимисизлар? Кимники Аллоҳ адаштириб қўйган бўлса, унинг учун ҳаргиз йўл топа олмайсиз!
89Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, улар билан баробар бўлиб қолишларингизни истайдилар. Бас, сизлар то Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича уларни дўст тутманглар! Агар юз ўгирсалар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз ва улардан на бир дўст ва на бир ёрдамчи олмангиз!
90Аммо (у мунофиқлардан) ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки хоҳ сизлар билан, хоҳ ўзларининг қавми билан урушиш жонига тегиб олдингизга келган кимсаларга тегмангиз! Агар Аллоҳ истаса эди, уларни сизлардан устун қилиб қўйган бўлар эди ва улар сизларга қарши жанг қилар эдилар. Бас, агар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай сулҳ тузишни таклиф қилиб келсалар, Аллоҳ сизлар учун уларнинг устига ҳеч қандай йўл бермайди.
91(У мунофиқлардан) бошқа бир тоифасининг эса сизлардан ҳам, ўз қавмларидан ҳам тинч-хотиржам бўлишни кўзлаётганларини кўрасизлар. Ҳар қачон фитнага (яъни, куфрга) қайтишга тўғри келса, ўзларини унга ташлайдилар. Бас, агар улар сизлардан четланмас, сизларга сулҳ таклиф қилмас ва қўлларини тиймас эканлар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз. Мана, биз бундай кимсаларга қарши (ҳужум қилишингиз учун) сизларга очиқ ҳужжат бериб қўйдик.
92Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
93Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир.
100Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, Ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки унинг ажри-мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
101(Эй мўминлар), сафар қилиб бошқа Ерларга борганингизда агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз, намозингизни қаср (қисқа) қилиб ўқишингизнинг гуноҳи йўқдир. Чунки кофирлар сизларга очиқ душман бўлган кимсалардир.
102(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни, намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар. Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар. Агар ёғингарчиликдан азият чексангизлар ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни ечиб қўйишингиз гуноҳ эмас. Аммо эҳтиёт чорангизни кўриб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
103Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз! Бас, қачон хотиржам бўлгач, намозни тўкис адо этингиз! Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди.
104Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни, савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
105Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг.
108Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. У Ўзи рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчи бўлган Зотдир.
109Ҳой сизлар, бу дунёда-ку, уларнинг ёнини олдингиз. Энди Қиёмат Кунида ким уларни Аллоҳдан ҳимоя қилиб ёнларини олур ёки ким уларнинг устида вакил бўлиб турар?!
113(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар сизга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганда эди, улардан бир тоифаси сизни йўлдан оздиришга уриниб қолган эди. Лекин улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сизга эса бирон зиён етказа олмайдилар. (Зеро) Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди.
114Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз.
115Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!
122Иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз — улар у Ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!
123Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас.
125Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган.
128Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишлари зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир.
130Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай. (Яъни, ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
131Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар (Аллоҳга ҳеч бир зарар етказа олмайсизлар). Зеро, осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган Зотдир.
132Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир. (Яъни, Ер ва осмонлардаги барча ишларни кузатиб, сақлаб турувчи Зотдир).
134Ким бу дунёнинг савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам Охиратнинг савоби бордир. Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган Зотдир.
135Эй мўминлар, адолат билан тургувчи ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни, гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Олоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир.
136Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва Охират Кунига ишонмаса, (кофир бўлса), демак, у жуда қаттиқ адашибди.
137Албатта иймон келтириб, сўнг куфрга қайтган, кейин яна иймонга келиб, сўнгра яна кофир бўлган, кейин эса куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмайди ва уларни зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди.
140Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир.
141Улар (яъни, мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса: «Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку», дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: «Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?», дейишади. Энди Қиёмат Кунида Аллоҳ ўрталарингда ҳакамлик қилур. Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай.
146Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар — ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар. Яқинда Аллоҳ мўминларга улуғ ажр ато этажак!
152Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ муносиб) мукофотларини ато этажак. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
154Аҳдларини (олишдан бош тортганларида, қўрққан ҳолларида куч билан) олишлари учун устларига Тур тоғини кўтардик ва уларга: «Бу дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз», дедик. Яна уларга: «Шанба кунлари (балиқ овлаш билан) ҳаддингиздан ошманг», дедик ҳамда улардан қаттиқ аҳд-паймон олдик.
157Ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Ийсо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир.
160Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан тўсганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик.
163(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик, яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни ато этдик.
164Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди.
165Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
170Эй одамлар, бу пайғамбар сизларга Парвардигорингиздан ҳақ динни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар инкор қилсанглар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
171Эй аҳли китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (Соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Аллоҳ) учта (яъни, Аллоҳ Марям ва Ийсо учалалари ҳам Аллоҳлардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ якка-ягонадир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган Зотдир. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир.
173Ана ўшанда иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру ҳаво қилган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар.
175Аллоҳга иймон келтириб, Унга боғланган зотларни ўз томонидан бўлган раҳмат ва фазлу марҳаматга (яъни, жаннатга) дохил қилур. Ва уларни Ўзининг туғри йўлига йўллагай.
176(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса, унга (акаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, ака унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур. Адашиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир».