5Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир. Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у Охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир.
6Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни, юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди.
12Аллоҳ Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олди ва ўзларидан ўн икки бошлиқни (Мусо билан бирга, Шом заминини маскан тутган кофирларга қарши жанг қилиш учун) жўнатиб, айтди: «Албатта Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, агар намозни тўкис адо қилсангиз, закотни (ҳақдорларга) ато қилсангиз, пайғамбарларимга иймон келтириб, ёрдам берсангиз ва (бева-бечораларга яхшилик — эҳсон қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз (яхшилик ва Унинг йўлида инфоқ-эҳсон қилсангиз), албатта ёмонликларингизни (яъни, қилган гуноҳларингизни) ўчирурман ва албатта сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилурман. Мана шу аҳд-паймондан кейин сизлардан кимки кофир бўлса, унинг Тўғри Йўлдан озгани аниқдир».
15Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келди.
16Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур.
17«Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва Ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган суратда яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
18Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», дедилар. Айтинг: «У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. У зот Ўзи истаган кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур». Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг Ўзига қайтилур.
19Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) аввалги пайғамбарлардан анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон (дўзах азобидан) қўрқитгувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга дин ҳукмларини баён қилган ҳолда келди. Мана, сизларга хушхабар бергувчи ва (дўзахдан) қўрқитгувчи бўлган зот келди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!
22Ўшанда улар: «Ё Мусо, у Ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у Ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз кирурмиз», дедилар.
23(Шунда ўн икки бошлиқ орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, агар унга кириб олсангизлар, бас, шубҳасиз, ғолиб бўлурсиз. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!», дедилар.
24(Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу Ерда ўтириб кутурмиз».
26Аллоҳ деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу Ер улар учун ҳаромдир. Улар Ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин».
27(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур».
28Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман.
31Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун Ер титадиган бир қарға юборди. У: «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми — биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!», деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди.
32Ана ўша (фожеа) сабабли Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва Ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, у гуё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Уларга (Бани Исроилга) пайғамбарларимиз мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари Ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар.
33Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва Ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси — ўлдирилиш ё дорга осилиш, ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни, ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёхуд ўз Ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик — шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир.
36Кофир бўлган кимсалар эса Ердаги бор нарса икки баробар бўлиб уларнинг мулкига айланиб, ўшани Қиёмат Кунидаги азобдан (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар, улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир.
39Аммо ким бундай (ўғрилик билан қилган) жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, албатта Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
44Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир.
45Унда (яъни, Тавротда) яҳудийларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб қўйдик. Энди ким уни (яъни, қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни, гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир.
46Уларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Ийсо бинни Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик.
47Ҳамда (буюрдик) «Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар!» Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлар — итоатсиз кимсалардир.
48Сизга эса (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир миллат (яъни, дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир миллатга алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг У зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур.
51Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.
53(Шунда) мўминлар (бир-бирларига): «Жон-жаҳдлари билан «Сизлар билан биргамиз», деб қасам ичганлар шуларми?», дейдилар. У мунофиқларнинг қилган амаллари беҳуда кетди ва ўзлари зиён кўргувчиларга айланиб қолишди.
54Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир.
55Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир.
60Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан кўра ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўнғизларга айлантириб қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай Тўғри Йўлдан озган кимсалардир.
61(Эй мўминлар), улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Ҳолбуки, улар (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сизнинг ҳузурингизга) кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқурлар. Аллоҳ улар яширувчи бўлган нарсани (яъни, дилларидаги куфрни) жуда яхши билгувчидир.
64Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни, бахил)», дедилар. Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. Йўқ! У зотнинг қўллари очиқдир ва Ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур. Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Уларнинг ораларига то Қиёмат Кунигача (давом этадиган) буғзу адоватни ташлаб қўйганмиз. Улар қачон (Сизга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар Ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас.
66Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар. Уларнинг ораларида адолат эгалари бўлган кишилар ҳам бор. Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар.
68Айтинг: «Эй аҳли китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай динда эмассизлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Бас, сиз бу кофир қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлманг!
71Ва (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна бўлмайди, деб ўйлаб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди. Кейин улардан кўплари яна кўр ва кар бўлиб олдилар. Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.
73«Аллоҳ — Учтанинг (яъни, Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар. Чунки ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар улар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди.
75Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом Ер эдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг!
78Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.
82Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Иймон келтирган зотларга энг яқин дўст бўлгувчилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир.
84«Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини тамаъ қиламиз?!»
85Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг мукофотидир.
89Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам тугган қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу — қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур.
92Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга буйинсунингиз ва (ҳаромдан) эҳтиёт бўлингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, пайғамбаримиз зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос.
93Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун — агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар — (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.
94Эй мўминлар, албатта Аллоҳ ғойибда (кўрмай) туриб ўзидан қўрқадиган кишиларни билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса (иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир.
95Эй мўминлар, иҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга ўзларингдан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат — (ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини тотиб кўриши учун шунинг (яъни, ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир. Илгари ўтган нарсаларни (яъни, иҳромда бўлган ҳолда қилинган овларни) Аллоҳ афв этди. Ким яна қайтиб (ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ қудрат ва интиқом Соҳибидир.
96Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни, сизлар овламай ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди. Ва модомики иҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат Куни) даргоҳида тўпланадиган Аллоҳдан қўрқингиз!
97Аллоҳ Каъба — Байтул-Ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги бор нарсани билишини — Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билишинглар учундир.
103Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар.
106Эй мўминлар, бировингизга ўлим келганда — васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адодат эгаси ёки агар бирор Ерга сафар қилиб, ўша Ерда сизга ўлим етган бўлса, ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига бундай қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи, яъни меросхўр қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз».
107Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни, ёлғон гувоҳлик берганлари) маълум бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўринларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик беришда) ҳақдан тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз, золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.
108Мана шу рост гувоҳлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар ичилишидан (яъни, шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ ҳукмдир. (Эй мўминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга қулоқ тутингиз! Зотан, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас.
109Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган кунида, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг билимдонисан», дейдилар.
110Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни — Сени Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигингда) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб — хат ва ҳикмат — илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билаи лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, Менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изним-ихтиёрим билан ўликларни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимса: «Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», дейишган эди.
113Улар дедилар: «Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, у дастурхонга гувоҳлик берувчилардан бўлишни истаймиз».
114(Шунда) Ийсо бинни Марям: «Аллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деди.
115Шунда Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга туширгувчиман. Аммо шундан кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман».
116Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?», деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан.
117Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан.
119Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни, Қиёмат Куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир.