1Ҳамду сано осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир. Сўнгра (яъни, Унинг шундай ягона эканлиги ҳақидаги ҳужжатларни кўра туриб) кофир бўлган кимсалар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар.
7(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар сизга қоғозга (ёзилган) бир мактуб туширсак ва уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам кофир бўлган кимсалар: Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас!, деган бўлур эдилар.
9Агар унинг (пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаштирган бўлур эдик.
10(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган).
12Айтинг (сўранг): «Осмонлар ва Ердаги нарсалар кимники?» Айтинг: «Аллоҳники». У Ўз устига осмону Ердаги бор мавжудотга раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб қўйгандир. У албатта сизларни ҳеч шак-шубҳасиз, бўлган Қиёмат Кунига тўплайди. Фақат ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар.
17Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир.
19Айтинг (сўранг): «Қай нарса энг улуғ гувоҳ бўлур?» Айтинг: «Аллоҳ». У мен билан сизларнинг ўртамизда гувоҳдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга — мана шу Қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатан ҳам: «Аллоҳ билан бирга бошқа худолар ҳам бор, деб гувоҳлик бера оласизми? Айтинг: «Мен бундай гувоҳлик бермайман! Айтинг: «Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ якка-ю ягонадир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман».
20Биз китоб ато қилган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз болаларини таниган каби танийдилар. Ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар.
24(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар (барча сирларни билгувчи бўлган Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғон сўзлаш билан) ўзларини қандай алдаганликларини ва тўқиб олган «худолари» йўқ бўлиб қолганлигини кўринг!
25Улардан сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор, (лекин) Биз уни (Қуръонни) англамасликлари учун дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Улар бор оятларни (мўъжизаларни) кўрсалар ҳам, у (оят)ларга иймон келтирмайдилар. Ҳаттоки сиз билан жанжаллашгани олдингизга келган пайтларида ҳам, кофир бўлган кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар.
26Улар (ўзгаларни) ундан (Қуръондан) қайтарадилар ва ўзлари ҳам ундан четланадилар. Улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини ҳалок қиладилар, холос.
31То тўсатдан Қиёмат келиб қолганда, устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлғай», деб қоладиган пайтларигача Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деб юрган кимсалар ўзларига зиён қиладилар. Улар нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!
33(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларнинг гаплари сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар.
40(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар сизлар ?»Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор», деган сўзингизда) ростгўй бўлсангизлар, хабар берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки Қиёмат қойим бўлса, Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қиласизларми?!
41Йўқ, Унинг Ўзигагина илтижо қиласизлар, бас, агар хоҳласа, У зот сизлар дуо-илтижо қилган нарсани (бало-мусибатни) аритур. Аллоҳга шерик деб биладиган бутларингизни эса унутиб юборурсизлар».
42(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз.
46(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни тортиб олса ва дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ у аъзоларни сизларга келтириб берур?» Қаранг, Биз оятларни қандай баён қилмоқдамиз, сўнгра улар юз ўгирмоқдалар.
50(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари мавжуд», демайман ва ғайбни ҳам билмайман. Яна сизларга: «Мен фариштаман», ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман. Айтинг: «Кўр билан кўргувчи (яъни, йўлсиз билан Аллоҳнинг йўлида юргувчи) киши баробар бўлурми?!» Тафаккур қилмайсизларми?!
51(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу (Қуръон) билан ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган ҳолда Парвардигорлари даргоҳида тўпланишдан қўрқадиган зотларни қўрқитинг! Шояд улар (Аллоҳдан) қўрқсалар.
53«Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?», дейишлари учун уларнинг баъзиларини баьзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Ахир шукр қилгувчиларни Аллоҳ яхшироқ билгувчи эмас-ми?!
57Айтинг: «Мен Парвардигорим тарафидан (Унинг ёлғиз маъбуд эканлиги хусусида) аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар эса уни ёлғон дедингиз. Сизлар шоштираётган нарса (яъни, Аллоҳнинг азоби) менинг илгимда эмас, ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат ҳақни сўйлар. У (ҳақ билан ноҳақни) ажратгувчиларнинг энг яхшисидир».
59Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.
62Сўнгра (бандалар) ҳақиқий Хожалари — Аллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир ва У жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.
63(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Қасамки, агар бизга мана шу (балолардан) нажот берса, албатта шукр этгувчилардан бўлурмиз, деб ошкора ва хуфёна тавба-тазарру қилган ҳолда, илтижолар қиладиган пайтингизда, сизларга қуруқлик ва денгиз балоларидан ким нажот берур?».
68Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларича улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг!
70Динларини ўйин-ҳазил қилиб олган, ҳаёти дунёга алданиб қолган кимсаларни тарк қилинг! Ва уни (яъни, Қуръонни, одамларга) эслатиб қўйинг! Токи бирон жон (Қиёмат Кунида) касб қилган (гуноҳлари) сабабли ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган, агар бор нарсани берса ҳам — ундан қабул қилинмайдиган ҳолда, ҳалокатга ташланмасин. Қилган амаллари сабабли (Аллоҳнинг азобига) ташланган ана ўша кимсалар учун қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бордир.
73У осмонлар ва Ерни ҳаққи рост яратган Зотдир. У: «Бўл», деган куни (барча нарса пайдо) бўлур. Унинг сўзи ҳақдир. Сур чалинадиган (яъни, Қиёмат қойим бўладиган) кунда подшоҳлик ёлғиз Уникидир. У ғайб ва шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У ҳикмат соҳиби ва (барча нарсадан) хабардор бўлган Зотдир.
74Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Иброҳим отаси Озарга: «Бутларни худо қилиб оляпсанми? Мен сени ва қавмингни очиқ залолатда деб биламан», деган эди.
77Бас, қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди.
78Бас, қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!» деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман.
80Қавми у билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир (Унинг Ўзи) мени ҳидоят қилди-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган бутларингиздан қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас), магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!», деди.
88Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди.
89Ана ўша зотларга Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганмиз. Бас, агар бу оятларни ана улар (яъни, Макка мушриклари) инкор этсалар, Биз бу оятларни инкор қилмайдиган қавм (яъни, мўмин-мусулмонлар) учун тайёрлаб қўйганмиз.
90Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен сизлардан бунинг учун (яъни, Қуръон учун) ҳақ сўрамайман. Бу (Китоб) бутун оламлар учун эслатма (ҳужжат)дир, холос».
91(Яҳудийлар): «Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас», деган пайтларида, Аллоҳни тўғри таний олмадилар. Айтинг: «Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган, сизлар дафтар қилиб олиб (айрим оятларни) кўрсатиб, (Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги) кўп (оятларини эса яшириб юрадиган ва (ундаги оятларда) на ўзларингиз ва на ота-боболарингиз билган нарсалар баён этилган Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?!»?»Аллоҳ!», деб жавоб қилинг. Сўнгра уларни ўзлари шўнғиган ноТўғри Йўлларида адашган ҳолларида тарк этинг!
92Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқлар (ва шаҳарларнинг онаси маркази бўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир. Охиратга иймон келтирадиган кишилар унга ҳам иймон келтирадилар ва улар намозларини ўз вақтида адо қиладилар.
93Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга ваҳий келди», деган ҳамда: «Аллоҳ нозил қилган нарсанинг мислини (ўхшашини) мен ҳам нозил қила оламан», деб даъво этган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бу кун Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб, кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди.
94Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Аллоҳга шерик деб гумон қилган оқловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз (орангиз) узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди!
95Албатта, Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб-ундиргувчидир. У зот ўликдан тирикни чиқарур, ўликни тирикдан чиқаргувчидир. Ана ўша зот Аллоҳдир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
96(У зулматни ёриб) тонгни чиқаргувчидир. У кечани сукунат ором қилиб қўйди, қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу қудратли ва билгувчи Зотнинг ўлчовидир.
98У сизларни бир жондан (Одам алайҳиссаломдан) пайдо қилган Зотдир. Бас, (сизлар учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонат турадиган жойдир. Англайдиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик.
99У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у сув ёрдамида ҳар турли набототни чиқардик. Ундан эса гиёҳларни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни (яъни, бошоқларни) чиқарурмиз. Хурмо новдаларидан (йиғиб-териб олгувчилар учун) яқин бошлар-ғужумлар (бўлур). Яна узумзор боғларни ҳамда (барглари) бир-бирига ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз). (Эй инсонлар), уларнинг ҳар бирини мева туккан пайтидаги мевасига ва кейин пишган ҳолига боқинг! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-мўъжизалар мавжуддир.
100Аллоҳга жинларни шерик қилдилар (яъни, жинларни ҳам худо деб билдилар). Ҳолбуки, уларни (Аллоҳнинг) Ўзи яратган эди. Яна Унинг учун билмаган ҳолларида ўғил-қизлар «яса?» олдилар. У зот булар сифатлаётган нарсалардан (шериклар ва болалардан) пок ва юксакдир.
102Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил — муҳофаза қилгувчидир.
104Сизларга Парвардигорингиздан ҳужжатлар келмишдир. Ким (уларни) кўрса, ўзи учун кўрур. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зиёндир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман.
105(Кофирлар: «Аввалги китоблардан ўрганиб олганса?»), дейишлари учун ва биладиган қавмга равшан қилиб бериш учун оятларимизни мана шундай баён қилурмиз.
107Агар Аллоҳ хоҳлаганида, улар мушрик бўлмаган бўлур эдилар. Биз сизни уларнинг устида қўриқчи қилиб қўйганимиз йўқ. Сиз уларнинг устида вакил ҳам эмассиз!
108Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқлари бор. Бас, У зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур.
109Улар агар бирон оят — мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичдилар. Айтинг: «Оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир». Қаердан билурсизлар (эҳтимол) оят келган вақтда ҳам иймон келтирмаслар.
110Ва худди аввал-бошда унга (яъни, Аллоҳнинг оятларига) иймон келтирмаганлари каби уларнинг дил ва кўзларини айлантириб қўюрмиз ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз.
112Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!
113Ундай сўзларга Охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши учун ва ўша сўзларга рози бўлишиб, ўзлари қилмоқчи бўлган гуноҳларини қилишлари учун (у шайтонлар васваса қиладилар).
114(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга айтинг): «Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир Унинг Ўзи сизларга бу Китоб (Қуръонни) муфассал нозил қилган зот-ку?» Биз Китоб берган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) унинг (Қуръоннинг) Парвардигорингиздан ҳаққи рост нозил қилинганини билурлар. Бас, ҳаргиз шак-шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
116Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос.
119Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку. Магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин). Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою-ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар. Албатта, Парвардигорингиз бундай тажовузкор кимсаларни жуда яхши билгувчидир.
121Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни, мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклардан бўлиб қолурсизлар.
122Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса), кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйилди.
123(Худди Макка зодагонларини фосиқ-итоатсиз кимсалар қилганимиз каби) ҳар бир қишлоқда ўша жойнинг катталарини ҳийла-найранглар қиладиган жиноятчилар қилиб қўйдик. Улар фақат ўзларинигина алдайдилар, холос, лекин ўзлари сезмайдилар.
125Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр. Шунингдек, Аллоҳ иймонсиз кимсаларга разолатни (ғолиб) қилур.
127Улар учун Парвардигорлари ҳузурида дорус-салом (тинчлик диёри яъни, жаннат) бордир. Қилиб ўтган яхши амаллари сабабли У зот (Аллоҳ) уларнинг дўстидир.
130Эй жин ва инс жамоаси, сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган ва сизларни мана шу (яъни, Қиёмат) кунингиздаги учрашувдан қўрқитган ҳолларида келмадиларми? Улар: «Ўзимизнинг зиёнимизга гувоҳмиз (яъни, ўша пайғамбарлар келган эди)», дедилар. Уларни ҳаёти дунё алдаб қўйди ва кофир эканликлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик бердилар.
133Парвардигорингиз беҳожат ва меҳрибондир. (Эй золимлар), агар У зот хоҳласа худди сизларни бошқа қавмнинг зурриётидан пайдо қилгани каби сизларни кетказиб, ортингиздан истаган халқни халифа — ўринбосар қилур.
136(Мушриклар) Аллоҳ учун Унинг Ўзи яратган экин ва чорвалардан бир улуш ажратиб, ўзларича: «Бу Аллоҳ учун, бу (қолгани) эса бутларимиз учун», дедилар. Энди бутлари учун бўлган улуш Аллоҳ (улушига) қўшилмайди. Аллоҳ учун бўлган улуш эса бутларига қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!
137Шунингдек, шайтонлари мушрикларни ҳалок этиш ва динларини чалкаштириб юбориш учун улардан кўпларига болаларини ўлдиришни (яъни, ўз бутлари учун қурбон қилишни) чиройли кўрсатиб қўйди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида бу ишни қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат-бўҳтонлари билан тарк қилинг!
138Улар ўзларича: «Мана бу ҳайвон ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина (яъни, бутхона хизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган», дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда) Аллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларнинг номини айтадилар ва мана шу қилмишларини Аллоҳ амри деб) У зотга туҳмат қиладилар. Яқинда бу туҳматлари сабабли уларга Ўзи жазо беражак.
139Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни, ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни, эркак-хотин ҳаммалари ейишаверади). Яқинда бундай (ўзларича ҳалол-ҳаром деб) сифатлаганлари учун уларга Ўзи жазо беражак. Албатта, У ҳикмат ва билим Соҳибидир.
140Ўз болаларини ақлсизлик қилиб жоҳиллик билан ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб Аллоҳ берган (ҳалол) ризқни ҳаром қилиб олган кимсалар муҳаққақки, (ўзларига) зиён қилдилар. Улар аниқ адашдилар ва Тўғри Йўлга юргувчи бўлмадилар.
145Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўқилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса — чунки у ҳаромдир, ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир). Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда музтар бўлиб қолса (масалан, очликдан ўлмаслик учун, у нарсалардан ейиш билан гуноҳкор бўлмас, зеро) Парвардигорингиз мағфиратли, меҳрибондир».
146Яҳудий бўлган кимсаларга барча туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол-қўйдан улар учун ёғларни ҳаром қилдик. Магар биқинларидаги ё ичларидаги, ёки суякка аралашган ёғларгина (ҳаром эмасдир). Золимликлари сабабли уларни шундай жазоладик. Албатта, Биз рост сўзлагувчимиз.
148Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам на мушрик бўлган ва на бирон нарсани ҳаром қилиб олган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ҳузурингизда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!»
151Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз, — сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирурмиз — бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни, қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди».
152Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди.
153Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди.
154Яна (билингизки), чиройли амал қилган зотларга (неъматимизни) комил қилиб бериш ва барча нарсани аниқ баён қилиш учун ҳамда ҳидоят ва раҳмат бўлсин, деб Мусога Китоб (Таврот) ато этдик. Шояд (Бани Исроил) Парвардигорларига рўбару бўлишларига иймон келтирсалар.
158Улар фақат (жонларини олиш учун ўлим) фаришталари келишини ё (Қиёмат Кунида бандалари ўртасида ҳукм қилиш учун) Парвардигорингизнинг келишини, ёки Парвардигорингизнинг оятларидан — Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!»
159Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин (Қиёмат Кунида) У зот уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур.
160Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас.
164Айтинг: «Аллоҳдан ўзгани Парвардигорим дейинми?! Ахир У барча нарсанинг Парвардигори-ку?! Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Кейин Парвардигорингизга қайтишингиз бор. Бас, У сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизнинг (яъни, Қиёматнинг) хабарини берур.
165У сизларни Ерда халифалар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир. Албатта, Парвардигорингиз тезда жазолагувчидир ва албатта У мағфиратли, меҳрибондир.